Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни rоронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдирмоқда. Шунинг учун касаллик тарқалишини максимал даражада локализация қилиш ва карантин муддатлари чўзилиб кетишининг имкон қадар олдини олиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир.

Қуйидагилар Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
  • муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;
  • жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;
  • давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;
  • давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
  • бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.

Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтириш топширилди:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;
  • иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
  • Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.
  • Қарорга кўра, иккинчи чоракда режалаштирилган айрим харажатлар иккинчи ярим йилликка ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатлари бундан мустасно) қисқартириш ва иқтисод қилинган маблағларни республика бюджетига йўналтириш ваколати берилди.

Вазирлик, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари жорий йил 1 августига қадар бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни тўхтатади, молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно.

Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар харажатларини мақбуллаштириш юзасидан уларнинг бизнес-режаларини танқидий қайта кўриб чиқиш топширилди.

Ҳукуматга коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида фаолият юритувчи устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотлар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушум ёки фойдани тақсимлашнинг алоҳида режимини белгилаш ҳуқуқи берилди.

1 июнга қадар Олий Мажлис палаталари, суд ва прокуратура органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий органлари, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ва жамғармалар учун ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини татбиқ этиш бўйича президент қарори лойиҳаси киритилади.

Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта ичида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан амалга ошириладиган ва қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган инвестиция лойиҳаларини танқидий кўриб чиқиб, айрим лойиҳаларни кечиктириш бўйича тегишли қарор қабул қилиш топширилди.