Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатда автомобилларнинг янги моделларини ишлаб чиқиш, автокредит бераётган тижорат банкларини рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, бутун дунёда пандемиядан энг катта зарар кўрган тармоқлардан бири автомобилсозлик бўлмоқда. Бундай шароитда корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун аввало ички бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур.

Масалан, мамлакатда эҳтиёт ва бутловчи қисмлар бозори 500 миллион долларни ташкил этади. Маҳаллий маҳсулотларнинг ундаги улуши — атиги 9 фоиз.

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига жорий йил якунига қадар 300 турдаги импорт бутловчи қисмларни ўзлаштириб, хорижникидек сифатли ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

«Самавто» ва «МАН» заводларида махсус техникалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр тармоқда талаб кузатилаётган янги турларни ўзлаштириш яхши самара бериши таъкидланди.

Автосаноат маҳсулотлари экспортини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Ишлаб чиқаришдан тортиб, савдо ва сервис хизматигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш орқали сифатни назорат қилиш, маҳсулотга ишончни ошириш, очиқ-ошкораликни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда техникаларни ўз вақтида сотиш учун харидор билан ишлаш тизимини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларга бу борада кредит имтиёзлари бериш зарурлиги қайд этилди. «Агротехсаноатхолдинг» компаниясига қишлоқ хўжалиги техникаларини электрон буюртма асосида сотиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналари сифати ва нархи танқид қилинди, бу жиҳатда улар хорижники билан рақобатдош эмас. Техника қиммат бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига ҳам таъсир қилади.

Шу муносабат билан ҳамма техника нарх-навосини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, металл қуйиш қувватларини тезроқ ишга тушириб, локализация даражасини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

«Маҳаллийлаштиришдан мақсад — ўзимизнинг қишлоқларга мос, деҳқонларга тўғри келадиган ҳамёнбоп миллий тракторлар ишлаб чиқариш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Пахта теримини механизациялашни жадаллаштириш, жорий йил сентябргача жойларга камида мингта пахта териш машинаси етказиб бериш, барча ҳудудларда сервис марказлари ташкил этиш вазифаси белгиланди.