Ўзбекистон ҳукумати ишини йўқотган одамларга нақд пул кўринишда ёрдам бериш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда 16 апрель куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчкоров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дунёнинг бир қатор ривожланган давлатлари (АҚШ, Япония) ва баъзи қўшни давлатлар (Қозоғистон, Россия) ишини йўқотган одамларга маълум миқдорда тўловлар (нафақа) ажратилади.

«Буни грант деб айтамизми ёки трасферт деб айтамизми — одамларга пул бериляпти. Албатта, бу тушунарли ҳолат, чунки одамлар уйида, айниқса хусусий секторда ишлайдиганлар. Энди бюджет секторида ишлайдиганлар ойлигини олиб туришибди, лекин хусусий сектордагилар ойлик олмаяпти. Балки, кимдир тўлаяпгандир, лекин асосан, бизнинг маълумотларимизга кўра, олмаяпти» — деди вазир.

Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон иқтисодиётининг норасмий секторида миллионлаб одамлар меҳнат қилаётганини таъкидлади.

«Шу билан бирга, минг афсуски, бизнинг иқтисодиётимизда миллионлаб одамлар, бу ҳеч кимга сир эмас, нолегал тарзда фаолият олиб борадилар. Яъни, улар бозорлар атрофида ишлайди ёки у ерда ёрдамчи бўлиб ишлайди ёки такси ҳайдайди ёки сартаррош ва бошқа кўплаб сервисларда ишлашади», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари одамларни иқтисодиётнинг норасмий секторидан кўчиришда қийинчиликлар борлигини таъкидлади.

«Охирги икки-уч йилда 1 млрд доллардан ортиқ маблағ ҳисобига қишлоқ хўжалик соҳасида лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, бу иссиқхоналар, интенсив боғлар ва ҳ.к. 1 миллиардан ортиқ лойиҳага минглаб гектар иссиқхоналар яратилди, бошқа боғлар. Шунда яратилган иш ўрни легал ҳисоб бўйича 1 мингта. Яъни 1 млн долларга 1 иш ўрни яратиляпти. Ўзи, 1 гектар боққа 20 нафар одам керак, дейди иссиқхонага. Агар 3 минг гектар теплица бўлса, 60 минг нафар одам бўлиши керак», — деди бош вазир ўринбосари.

Жамшид Кучкаровнинг таъкидлашича, карантин эълон қилинган кундан бошлаб президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга одамларни даромад билан таъминлаш ва уларнинг шошилинч эҳтиёжларини қондиришни буюрган.

«Шу нуқтаи назардан бир нечта вариантлар ҳақида ўйлаб кўриляпти. Бу Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, бандлик вазирлиги билан муҳокама қилиняпти. Биз бу ҳақда ўйлаяпмиз. Бу жуда ҳам катта маблағларни талаб қиладиган чора-тадбир. Гап бир неча миллион одамлар ҳақида кетяпти», — дея таъкидлади иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири.

Шу билан бирга, бош вазир ўринбосари бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканлигини қўшимча қилиб, журналистлар билан навбатдаги учрашувларида ушбу масаланинг аниқ муҳокамасига қайтишга ваъда берди.

«Бундай масалалар фақат давлатимиз раҳбари қарорлари ва топшириқлари билан бўлади. Шунинг учун ҳозир бу масалада гапиришимиз озгина эртароқ. Бу ҳақда бизда бир аниқ позиция пайдо бўлганда, биз дарров журналистларга бу ҳақда ахборот берамиз», — дея Жамшид Қўчқоров ўз нутқини якунлади.