АҚШда янги турдаги коронавирус инфекциясига қарши тажриба вакцинаси илк бор соғлом одам — америкалик 44 ёшли аёл Женнифер Халлерда синаб кўрилди, дея хабар қилди РИА Новости The Telegraph нашрига таяниб.

Аёл инъекцияни оддий грипп учун эм дориси билан таққослаб кўрди: биринчи куни унинг ҳарорати бир оз кўтарилди, иккинчи куни — қўлида кучли оғриқ пайдо бўлди, «бироқ фақат шугина — бундан кейин ҳаммаси жойида бўлди», — деди аёл.

Яқин кунларда аёлга вакцинанинг иккинчи дозаси қуйилиши керак. У 2021 йил баҳорига қадар мутахассислар кузатуви остида бўлади.

Сиэтлдаги Миллий аллергия ва юқумли касалликлар институти март ойи ўрталарида одамларда COVID-19 га қарши вакцинанинг клиник синовлари бошланганини маълум қилган эди. Тажрибаларда иштирок этаётган кўнгиллилар йил давомида назорат остида бўлади.

Синовларга 45 нафар кўнгилли саралаб олинди. Уларнинг ҳар бири 28 кун оралиғида иккитадан вакцина игнасини қабул қилиб олади. Тажриба иштирокчиларида вакцина миқдори фарқ қилади: 25, 100 ва 150 микрограмм. Тадқиқотда вакцина хавфсизлик ва иммун жавобини келтириб чиқариш хусусияти бўйича баҳоланади, шунингдек, энг мақбул дозаси белгилаб олинади.

Сиэтлдаги институт мРНК-1273 номини олган вакцинани Массачусетс штати Кембриж шаҳрида жойлашган Moderna биотехнология компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқди. Дори воситаси ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтказилди.