15 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштиришни вақтинча тўхтатишни буюрди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп эълон қилди.

Трамп сўзларига кўра, у ўз қарорини ЖССТ коронавирус ҳақида ўз вақтида маълумот бермагани ва ҳақиқатни дунё ҳамжамиятига етказмагани билан асослади.

«ЖССТ ўзининг асосий вазифасини бажара олмади ва жавобгарликка тортилиши керак», — деди Трамп Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида.

Президент Трамп ЖССТнинг коронавирус тарқалишидаги ролини тўлиқ баҳолаш жараёни якунланмагунча АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига йўналтириладиган маблағларни тўхтатиб туришини маълум қилди.

Ўз навбатида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерриш ҳозир ЖССТ учун ресурсларни камайтириш вақти эмаслигини таъкидлади.

«Ҳозир бирлашиш вақти ва халқаро ҳамжамият ушбу вирусни ҳамда унинг зарарли оқибатларини тўхтатиш учун бирдамликда ишлаш вақтидир», — деди БМТ раҳбари ўз баёнотида.

Америка тиббий ассоциацияси президенти Доктор Патрик Харрис бу қарорни «нотўғри йўналишдаги хавфли қадам ва бу COVID-19 инфекциясини енгишга ёрдам бермайди», — деб атади ва Трампни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Маълумот учун, Америка ЖССТнинг энг йирик доноридир. 2019 йилда ЖССТ бюджетининг 15 фоизи (400 млн доллардан ортиқ) АҚШ томонидан молиялаштирилган.