Ўзбекистон Венгрияга коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 500 мингта тиббий ниқоб жўнатди. Бу ҳақда Венгрия ҳукумати расмий сайтида хабар қилинди.

Мазкур ёрдам Озарбайжон пойтахти Бокудан учган юк самолёти орқали юборилган, дейилади хабарда. Аввалроқ, март ойи охирида ҳам Ўзбекистон Венгрияга 150 мингта ҳимоя ниқобини юборган эди.

Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Питер Сийярто Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан видеоконференция чоғида: «Бундай оғир дамларда ҳам биз ишонадиган дўстона халқлар борлиги жуда яхши», — деди.

Шунингдек, Сийярто Венгрия ўзбекистонлик талабаларнинг мамлакат олий ўқув юртларида ўқиш учун стипендия жойлари сонини 30 дан 100 гача оширганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, илгари Ўзбекистон Хитой, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Белоруссияга инсонпарварлик ёрдамларини юборган эди. Озарбайжонга ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатилиши тайёрланмоқда.