Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 4,1−4,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров чоршанба кунги брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси оқибатида бошланаётган инқироз 2008 йилги жаҳон молиявий инқирози ва 1997 йилги Осиё инқирозидан тубдан фарқ қилади.

«Бу фақатгина талаб инқирози эмас, балки таклиф инқирози десак ҳам бўлади. Бу инқироз қайсидир йирик банкларнинг ёки қайсидир йирик мамлакатлар ҳукуматининг айби билан вужудга келгани йўқ. Бу худди табиий офатга ўхшаган жараён бўляпти», — дея таъкидлади бош вазир ўринбосари.

Инқироз мамлакат иқтисодиётига бевосита ва билвосита таъсир ўтказиши айтилди.

«Чунки Ўзбекистон миллий иқтисодиёти охирги уч йилда бозор иқтисодиётига интеграциясини кучайтирди. Бу албатта бозор иқтисодиёти учун табиий ҳолатдир», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон иқтисодиёти инқирознинг салбий оқибатларини март ойидан бошлаб ҳис қилганлигини, бу эса макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсир ўтказганини маълум қилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 4,1−4,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 1 фоизга камроқ (2019 йил январь-март ойларида 5,3 фоизга тенг бўлган, Давлат статистика қўмитаси маълумотлари (PDF)).

Саноат 4 фоизга ўсган (ўтган йилнинг биринчи чорагида 1,8 фоиз). Экспорт 11 фоизга қисқарган (2019 йил биринчи чорагида ўсиш даржаси 20,6 фоизга тенг бўлган), импорт 10 фоизга камайган (2019 йил биринчи чорагида ўсиш даржаси 32,9 фоизга тенг бўлган).

«Иккинчи чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутилмоқда. Чунки, кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам карантин билан боғлиқ чекловлар асосан апрель ойига тўғри келаяпти ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта», — дея таъкидлади бош вазир ўринбосари.

Жамшид Кўчқоров мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 32−33 фоизи хизмат сервиси билан боғлиқлигини, карантин даврида эса сервис соҳаси чекланишини эслатиб ўтди.