Халқаро валюта жамғармаси коронавирус пандемияси шароитида жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши прогнозини эълон қилди.

Таҳлилчилар глобал ЯИМнинг 2020 йилда 3 фоизга пасайишини тахмин қилишмоқда, бу кўрсатгич 2008−2009 йилларда бўлган молиявий инқирозга нисбатан анча ёмон.

«Ҳозирги инқироз аввалгиларига ўхшамайди. Уруш ёки сиёсий инқироз каби, пандемия қачон тугаши номаълум», — деди ХВЖ бош иқтисодчиси Гита Гопинат ҳисоботнинг кириш қисмида.

Унинг таъкидлашича, бу сафар умумий талабни рағбатлантириш унчалик аҳамиятга эга эмас, чунки инқироз асосан ҳокимиятлар томонидан турли соҳалардаги фаолиятни чеклаш тўғрисидаги мажбурий қарорлар туфайли юзага келди.

Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, жорий йилда ривожланган давлатларнинг иқтисодиётининг ўсиш суръати 6,1фоиз пасаяди. Мисол учун, АҚШ иқтисодиёти 5,9 фоизга, Евроиттифоқ ҳудуди — 7,5 фоизга, Япония — 5,2 фоизга пасаяди ва Хитойда ўсиш даражаси 1,2 фоизгача тушади.

Умуман олганда, 2020 ва 2021 йиллардаги жаҳон ялпи ички маҳсулотининг пандемия туфайли инқироздан келиб чиқадиган умумий йўқотиши тахминан 9 триллион долларни ташкил қилиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармасининг пандемия 2020 йилнинг иккинчи ярмида якунланишини тахмин қилувчи таянч сценарийга кўра, 2021 йилда иқтисодий фаоллик барқарорланиши ва сиёсий қўллаб-қувватлаш билан глобал иқтисодиёт 5,8 фоизга ўсиши кўзда тутилган.

Агар пандемия 2020 йил охиригача чўзилиб кетса, у ҳолда глобал иқтисодиёт ўсиш суръати бу йил 6 фоизга пасаяди. Агар коронавирусининг тарқалиши 2021 йилга қадар давом этса, унда глобал ЯИМ 8 фоизга камаяди.

ХВЖ Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2019 йилда прогноз қилинган 5,6 фоиздан 2020 йилда 1,8 фоизга тушишини тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, 2021 йилда иқтисодий ўсиш тикланиб, 7 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Шунингдек, ҳисоботга кўра, Қозоғистон ЯИМ 2,5 фоизга (2019 йилда прогноз 4,5 фоиз эди), Қирғизистонда эса 4 фоизга (2019 йилда прогноз 4,5 фоиз эди) пасайиши кутилмоқда. Тожикистон иқтисодиёти 1 фоизга (2019 йилда прогноз 7,5 фоиз эди), Туркманистон 1,8 фоизга ўсади (2019 йилда прогноз 6,3 фоиз эди).

Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ЯИМ — 4,7 фоизга тушишини прогноз қилганди. Жаҳон банки эса Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш даражаси кескин пасайиб, 1,6 фоизни ташкил этишини айтиб ўтган.