Ўзбекистон президенти фармони билан 19 март куни Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм бюджетга эга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган эди. Молия вазирлиги ушбу жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳақида ҳисобот берди.

Жамғарма ҳисобига жами 1,596 трлн сўм (157,7 млн доллар) келиб тушган. 998,3 млрд сўм (98,6 млн доллар) халқаро молиявий ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар ҳукуматлари томонидан ўтказилган бўлса, Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан 598,5 млрд сўм (59,1 млн доллар) жамғарма ҳисобига келиб тушган.

Жамғарма ҳисобидан 756 млрд сўм (74,7 млн доллар) сарфланган.

Шифохоналарни қуриш ва жиҳозлаш

Энг кўп маблағ шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган — жами 411 млрд сўм. Ушбу маблағнинг 286 млрд сўми 10 минг ўринли махсус шифохоналар қуриш учун, 111 млрд сўм 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасини қуриш учун, 10 млрд сўм диагностика лабораторияси мажмуасининг реконструкциясига, 4 млрд сўм тиббий жиҳоз ва инвентарлар, дори-дармон, дезинфекция ишлари ва тиббий буюмлар учун сарфланган.


Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигигига 226 млрд сўм ўтказилган. Ушбу суммадан 123 млрд сўм тест тизимлари, реактивлар ва ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун сарфланган. Ҳудудий марказларга 93 млрд сўм йўналтирилган: 72 млрд сўм фуқароларни карантинда сақлаётган муассасалар ходимларининг иш ҳақи, озиқ-овқат, гигиена товарлари ва бошқа ҳаражатларга; 14 млрд сўм жамоат жойларини дезинфекция қилиш ишларига, 7 млрд сўм эпидемиологик ҳолат билан курашиш бўйича тадбирларга сарфланган.

Бундан ташқари карантин тадбирлари ва коронавирусга қарши курашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларига қўшимча рағбатлантириш учун тўловларга 10 млрд сўм сарфланган.


Ижтимоий соҳа

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳага жами 117 млрд сўм йўналтирилган. Бунда, 30 млрд сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллабқувватлаш учун Касаба уюшмалари Федерациясига; 50 млрд сўм банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига; 26 млрд сўм ижтимоий нафақаларга, 11 млрд сўм «Тошкент метроолитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўлаш учун ажратилган.