15 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1214 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони эса ҳозирда 99 кишини ташкил этмоқда. Тўрт киши ҳаётдан кўз юмди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 102 беморнинг 27 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир ва яна 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 100 бемордан 3 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, 82 минг фуқаромиз карантин муддатини ўтаяпти. Уларнинг 22 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, 60 мингдан кўпроғи уй шароитида карантинда турибди.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 1,98 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 487,471 нафари соғайган ва 126,722 нафари вафот этган.