14 апрель куни 12:40 да Тошкентнинг Олмазор туманида Нурафшон-Фаробий кўчалари чорраҳасида Ford русумли тез тиббий ёрдам машинаси ва Epica автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ИИВ ЙҲХББ матбуот хизматининг хабар қилишича, Ford чақирув бўйича маёқчалари ёқилган ҳолатда светофорнинг қизил чироғида ўтаётган вақтда яшил чироқдан ўтаётган Epica билан тўқнашган.

ЙТҲ натижасида Epica ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳамда тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси ва икки йўловчиси жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, жароҳатланганлардан бири кўчма бригада шифокори, 32 ёшли У.У.нинг аҳволи қониқарли бўлганлиги сабабли уйига жавоб берилган. Тезкорбригада фельдшери, 20 ёшли О.О., тез ёрдам автомашинаси ҳайдовчиси, 55 ёшли И.Г. ҳамда «Epica» русумдаги автомашина ҳайдовчиси ва йўловчиси: 46 ёшли Н.С. ва 20 ёшли М.А. лар эса марказнинг нейрожарроҳлик бўлимига ётқизилган. Айни пайтда уларнинг аҳволи ўртача оғирликда.

Мазкур тўқнашув юзасидан ҳозирги вақтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.