Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан 14 апрель кунига қадар карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами — 59 921 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ҳудудлар тақсимида аксарият қоидабузарликлар Тошкент шаҳрида (10 100 та ҳолат), Тошкент вилоятида (8588) ва Фарғона вилоятида (8644) қайд этилган. Энг кам қоидабузарликлар эса Сурхондарё (2053), Хоразм (1997) ва Навоий вилоятларида (671) содир этилган.

Маълум қилинишича, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилмаслик юзасидан ички ишлар органлари ходимлари томонидан бир қатор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Улар қаторида тиббий ниқоб тақмасдан юрганлик, рухсатномасиз ўз транспортларида бемақсад юрганлик, спиртли ичимлик ичиб, карантин қоидаларини бузганлик ва бошқа қоидабузарликлар кузатилган.

Хусусан,13 апрель куни Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани, «Нуробод» маҳалласи, Муқимий кўчасида яшовчи 1988 й.т. Ш. К. ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан карантин қоидаларини бузиб, маст ҳолатда майда безорилик содир қилганлиги учун, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183, 187 ва 194-моддалари асосида маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилган.