Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл, Чиноз шаҳарларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га рухсат берилиши белгиланди. Тегишли рухсатлар Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарлари қарори асосида берилади.

Бунда объектларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши, ходимларнинг овқатланиши эса бевосита ушбу объектларнинг ўзида ташкиллаштирилиши лозим.

Сешанба куни қишлоқ хўжалигидаги вазифаларга бағишланган мажлисда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттиришимиз керак. Чунки кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди».