Чернобиль зонасидаги ёнғин АЭСнинг радиациявий чиқиндилар омборига яқинлашди. Бу ҳақда Украинанинг Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 14 апрель кунига қадар Чернобиль зонасида ёнғинни ўчириш тадбирлари ўнинчи кун давом этмоқда. Шу вақтгача ёнғин 200 гектардан ортиқ ўрмонни йўқ қилиб, айни пайтда у юқори радиоактив чиқиндилар омборхоналарга яқинлашмоқда. Жумладан, Чернобиль-2 ҳарбий шаҳарчасининг ҳудуди бутунлай ёнди, Чернобиль шаҳри эса қаттиқ жабрланди.

Ўз навбатида, мамлакат ИИВ ҳар учала ядровий ёнилғи омбори хавфсиз ҳолатда эканини маълум қилди.

Ёнғиннинг асосий сабаби қасддан ўт қўйиш дея ҳисобланмоқда. Бу масала бўйича Украина ички ишлар органлари томонидан 2 нафар шахс қўлга олинган. Улардан бири Киев вилояти Раговка қишлоғининг 27 ёшли фуқароси эканлиги аниқланди. Ушбу шахс эрмак учун бир неча жойда ўтларни ёққани, шундан кейин кучли шамол туфайли кучайган оловни тўхтата олмаганини маълум қилган.


Шунингдек, ёнғин марказида радиация даражаси ошган ҳақида асоссиз хабарлар тарқалган сабабли Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ва Киев вилоятидаги радиацион фон меъёрий чегараларда эканни ҳамда табиий кўрсаткичлардан ошмаганини маълум қилди.

Таъкидланишича, ёнғин кенг тарқалишининг олдини олиш учун 415 киши ва 98 дона техника, шу жумладан 3 та АН-32П самолёти ва 3 та вертолёт жалб этилган.

Маълумот учун, ёнғин 4 апрель куни бошланиб, ҳозирда унинг зарари ўн миллионлаб гривнадан зиёдга баҳоланмоқда.