14 апрель куни Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан яна 4 нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Соғайганлардан (барчаси эркак) уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари самарқандлик) чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган. Яна бир нафари эса қашқадарёлик бўлиб, чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келган. Барчаси карантинда бўлишган ва коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишни бошлашган.

Бундан авалроқ, 12 апрель куни ҳам ушбу вилоятда тўрт нафар беморнинг тўлиқ соғайгани хабар қилинган эди. Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 89 нафарга етди.