Халқ банки Наманган вилояти филиали коронавирусга чалинган филиал ходимининг пенсия пулларини тарқатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Банк филиали коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида нафақа пуллари махсус автомашиналарда аҳоли уйларига етказиб берилаётгани, нақд пулларнинг стерилланган пакетларда тарқатилаётгани ҳамда барча сайёр кассалар ходимлари ва автомашина ҳайдовчилари тиббий ҳимоя ниқоби ва қўлқоп, спиртли антисептик воситалар билан таъминланганини билдирди.

Қайд этилишича, Халқ банкининг Наманган шаҳар ва туманлар бўлимларида ишловчи барча ходимлари коронавирус инфекциясига тестдан ўтказилган ҳамда барчаси соғлом.

Ўз навбатида, Вилоят ИИБ матбуот хизмати аҳоли ўртасида ваҳима ва эътирозларга сабаб бўлган ушбу хабарни видеоёзув тарзида тарқатган ИИБ ходимига нисбатан чора кўрилганини маълум қилди.

Вилоят ИИБ ЎҲБ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, 11 апрель куни Наманган шаҳар Халқ банкида ишловчи фуқаро коронавирус бўйича топширган таҳлил натижаларига кўра унда мазкур вирус аломатлари бор дея гумон қилинган. Ушбу банк ходими 1 апрелдан 11 апрелга қадар Наманган шаҳрининг 6 та маҳалласида нафақа олувчиларга пул тарқатгани боис, ушбу ҳудудларда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ИИО ФМБ томонидан нафақа олган фуқаролар хонадонлари карантин назоратига олиниб, уларга тушунтириш ишлари ўтказилган.

Бироқ ушбу тадбирга жалб этилган шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходими ўзи бириктирилган штабда тиббий кийим ва тиббий ниқобда турган ҳолатида ўзини гуруҳ аъзолари билан бирга видеотасвирга олиб, 39 сонияли видеотасвирни телеграм ижтимоий тармоғи орқали танишига юборган.

Ушбу ҳолат юзасидан мазкур ходим «Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисида"ги низом талабларига кўра хизмат интизомини қўпол равишда бузгани ҳамда ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани учун ИИО хизматидан бўшатилган.