Самарқанд давлат тиббиёт институти негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этилиши мумкин. Ушбу таклиф Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муҳокамага жойлаштирилган президент қарорининг лойиҳасида билдирилган.

Лойиҳага кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Университет клиникаси ташкил этилади.

Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти ташкил этилиши кутилмоқда.

Университет клиникаси бош шифокори, Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти директори Университет илмий кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Университет, унинг ўқув бинолари, клиникалари ва симуляцион марказларининг моддий — техник базаларини такомиллаштириш учун, хорижий давлатларда ишлаб чиқариладиган ўқув жиҳозлар, тиббий асбоб — ускуналар ва қурилмалар, илмий — лаборатория жиҳозлари ва бошқа моддий — техника ресурслари келтиришида божхона тўловларидан ҳамда барча турдаги солиқлардан ва мажбурий ажратмалардан 2025 йилнинг 1 январигача озод этилиши таклифи билдирилган.

Маълумотга кўра ушбу ташаббус Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган «Университет 3.0» ислоҳотларининг қисми ҳисобланади.

Олдинроқ, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги кадрларни тайёрлашга оид президент қарори имзоланган эди.