8 апрелдаги кучли шамол ва қор Тошкентда 6968 та дарахтга зарар етказгани ҳисоблаб чиқилди. Бу ҳақда шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Маълумотга кўра, шаҳар бўйлаб 745 та дарахт тагидан қўпорилган бўлса, 6223 дарахтнинг шохлари синган.

Энг кўп шикастланган дарахтлар Юнусобод туманида аниқланган — 2504 та дарахт шохлари синган, 244 таси қулаб тушган. Мирзо Улуғбек туманида 763 та, Яшнобод туманида 633 та, Олмазор туманида 560 та, Чилонзор, Учтепа, Шайхонтохур ва Миробод туманларида 400 тадан ортиқ дарахтлар талофат кўрган. Бектемирда 68 та, Яккасаройда 118 та ва Сирғали туманида эса 252 та дарахт зарар кўрган.

Тозалаш ишлар ҳозирча фақат магистраль йўлларда давом этмоқда, маҳаллаларда тозалаш энди бошланади. Карантин сабабли Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган ходимларнинг пойтахтга кира олмаслиги боис 10 минг нафар ишчидан фақат 70 фоизи тозалаш ишларига жалб қилинган.


8−9 апрель кунлари маҳаллаларда ва 8 апрель куни магистраль йўлларда шикастланган дарахтлар ҳақида маълумот. Манба: Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Ободонлаштириш бошқармаси «Газета.uz» учун.

Бундан ташқари, бошқарма автотранспорт ҳаракатланишига қўйилган чекловлар сабабли қийинчиликларга дуч келмоқда. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар махсус хизмат автотранспортидан фойдаланишлари мумкин, лекин ходимларнинг шахсий автомобиллари ҳаракатланишига рухсат берилмаган.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳам шу каби қийинчиликларга дуч келишмоқда. «Газета.uz»га маълум қилинишича, бошқарма ҳозирда тўлиқ режимда фаолият олиб бормаяпти.

«Кўплаб ходимлар уйдан туриб ишлашмоқда. Шаҳар бўйича 59 та инспектордан 37 таси ҳозир иш фаолиятини давом эттирмоқда (қолганлар пойтахтга карантин сабабли кира олишмаяпти — таҳр.), лекин автотранспортларда ҳаракатланишга рухсат берилмаганлиги боис қийинчиликлар юзага келаяпти», — деди бошқарма бошлиғи Нодир Юнусов.

Унинг сўзларига кўра, инспекторлар фуқаролар мурожаатлари бўйича жойларга етиб боришга ҳаракат қилишмоқда, баъзи ҳолларда пиёда боришга тўғри келмоқда. Фуқаролар @EcoControl_bot телеграм боти орқали ўз мурожаатларини юборишлари мумкин. Тадбиркорлар учун эса e-ekologiya.uz тизими ишга туширилган.

Нодир Юнусовнинг маълум қилишича, синган дарахт шохлари ва қулаган дарахтлар ободонлаштириш бошқармасида йиғилади. Ҳисобот тузилгач, дарахтлар бошқарма балансига ўтазилади.

Олдинроқ хабар берганимиздек, кучли шамол ва қор ёғиши боиси Ўзбекистон ҳудудларида электр энергиясидан узилиш ҳолатлари юзага келди. «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг маълумотларига кўра, 300 мингдан ортиқ истеъмолчи вақтинча электр энергиясисиз қолган.

Фото

Фото: Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Фото: Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимликлари матбуот хизматлари.