ОПЕК ва Россия 30 июнгача нефть қазиб олишни кунига 10 млн баррелга камайтиришга келишиб олди. Бу хақда ОПЕК расмий сатида хабар берилди.

9 апрель куни ОПЕК ташкилотига аъзо давлатлар ҳамда аъзо бўлмаган ОПЕК+ гуруҳи давлатлари иштирокида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлатлар умумий нефть қазиб олиш кўрсатгичини 1 майдан 30 июнга қадар кунига 10 млн баррелгача камайтириш ҳамда энергетика бозорини барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшишга келишиб олдилар.

Шартномага асосан, Россия ва Саудия Арабистони 2,5 миллион баррелга, Ироқ 1,06 миллион баррелга, БАА эса 0,72 миллион баррелга нефть ишлаб чиқаришни қисқартиришади.

Бундан ташқари, келишувга кўра, давлатлар 1 июлдан 31 декабргача нефть қазиб олиш кўрсаткичини 8 млн баррелга қисқартиришади. Ундан сўнг, режага мувофиқ, 2021 йил 1 январдан 2022 йил 30 апрелгача (16 ой давомида) давлатлар томонидан келишилган ҳолда кунига 6 млн баррелгача қисқартириш келишилган.

Шартнома 2022 йил 30 апрелгача амал қилади, лекин ушбу шартноманинг муддати 2021 йил декабрда қайта кўриб чиқилади.

ОПЕК+ давлатлари ичидан фақатгина Мексика янги шартларга рози бўлишдан бош тортди.

Маълумот учун, 10 апрель куни бир баррель учун Brent маркали нефть нархи 31.5 долларни ташкил этди, бу 2019 йил охиридаги кўрсаткичдан икки баравар кам.