10 апрель куни президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонга 250 минг дона коронавирусга тест тизими олиб келинаётганлиги айтилди.

«Авваламбор, дунёнинг кўплаб давлатларида коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ бугунги вазият биз Ўзбекистонда карантин ва аҳолини бесабаб кўчага чиқмаслик режимини ўз вақтида жорий этганимизни исботлаганини таъкидламоқчиман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Инфекция тарқалишини деярли бир ой давомида секинлаштириб, бу вақтдан даволаш ўринларини кўпайтириш, чет давлатларнинг даволаш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишда унумли фойдаланилганлиги таъкидланди.

«Агар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзини, шу жумладан, иш-ўқиш, тўй-маърака, маҳалла, бозор, қариндошлар, қўшнилар, дўстлар, айниқса беморлардан тез-тез хабар олиш каби жуда кенг ижтимоий муносабатларимизни ҳисобга олсак, карантин ва чеклаш тадбирларини вақтида киритмаганимизда, беморлар ва йўқотишлар бундан анча кўп бўлиши аниқ эди», — дея таъкидлади президент.


Маълумот берилишича, Россиядан 500 та сунъий нафас бериш аппаратини харид қилинган. Хитойдан эса касалликни аниқловчи 200 минг дона ва Германиядан 50 минг дона тест олиб келинмоқда.