Тошкент шаҳар ҳокими ижара берувчиларга мурожаат йўллади.

«Шаҳримизда ижарада яшаётган фуқароларимиз бор. Улар орасида олис манзилдан келиб яшаётганлар ҳам бор. Улар бугун карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз оилалари бағридан узоқда, ижара уйларда яшашмоқда. Улар орасида карантин сабабли, вақтинча ишламаётганлари ҳам бор. Бундай шароитда албатта, уларга осон тутиб бўлмайди. Бир томондан ижара пулини тўлаш, бир томондан оилаларини эҳтиёт қилиш, рўзғор тебратиш масъулияти елкаларида турибди», — дея таъкидлаган Жаҳонигир Ортиқхўжаев.

«Шу боис, мен ижара берувчиларга шундай синовли кунларда сабрли бўлиб, уларнинг ҳолатини тўғри баҳолашларини, ижара пулини вақтинча талаб қилмай туришларини сўраган бўлардим. Вақтинчалик тўланмаган ижара ҳаққи эса кейинчалик тўлаб бериш шарти билан ижарада турувчи фуқароларга тақдим этилса, фикримча, адолатли бўлади. Синовли кунларда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ҳам жуда муҳим», — дейилади мурожаатда.