Тошкентнинг 5 та туманида ичимлик сув таъминотида узилишлар рўй берди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Тошкент ХЭТ» корхонасига қарашли «Қодирия» подстанциясида 9 апрель куни ёғингарчилик ва дарахт шохларининг синиши оқибатида авария содир бўлгани сабабли электр таъминотида узилиш юзага келган.

Бу, ўз навбатида, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонасига қарашли «Қодирия» Бош сув иншооти иш режимига таъсир этиб, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Миробод, Бектемир ва Юнусобод туманларида тўлиқ, Олмазор, Учтепа ва Яккасарой туманларида қисман ичимлик сув таъминотида узилишлар ҳамда ичимлик сув босими пасайишига сабаб бўлган.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонаси ходимлари томонидан айни пайтда зарур барча тезкор чоралар кўрилмоқда.

9 апрель соат 18:00 га қадар тармоқдан узилган истеъмолчилар қайта уланиши таъкидланган.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонаси келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради.