Ўзбекистон ҳукумати аъзолари вирус блокаторларини тақишни бошлашди. Амалдорларнинг ушбу қурилмаларни таққани «Ўзбекистон 24» телеканалидан кўрсатилган эфирда кўринган.

8 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясига қарши кураш ва мамлакатда томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.


Жамшид Қўчқоров. Фото: «Ўзбекистон 24».

Йиғилишда қатнашган бош вазир Абдулла Арипов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров вирус блокаторларини тақишган. Жамшид Қўчқоров қурилмани костюмига бейжик сифатида илган бўлса, Абдулла Арипов ва Пўлат Бобожоновларда қурилмалар белги кўринишида.

Абдулла Арипов. Фото: президент ахборот хизмати.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, бейжик кўринишидаги қурилма Air Doctor, қалқонни эслатадиган белги кўринишидаги қурилма эса Ecom Air Mask деб номланади.

Пўлат Бобожонов. Фото: «Ўзбекистон 24».

Вирус блокаторларини ишлаб чиқарувчи Япония компаниясининг вебсайтида хабар берилишича, қурилма ҳавони дезинфекцияловчи ва дезодорация қилувчи хлор диоксидини тарқатиб, «бактериялар ва вируслар каби патоген микроорганизмларни самарали равишда йўқ қилади».

Air Doctor давлат ходимларидан бирида.

Қайд этилишича, қурилма ёпиқ биноларда жуда самарали. Очиқ ҳавода ва ҳаво оқимлари кучли бўлган биноларда унинг самарадорлиги камаяди.

Ecom Air Mask. Фото: allergstop.ru.

Айтиш жоизки, ушбу турдаги қурилмалар ҳозирги вақтгача керакли тадқиқотлардан ўтказилмаган ва уларнинг вирусларга қарши ишончли ҳимоя эканлиги исботланмаган.