COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши глобал иқтисодиётни жиддий инқирозга олиб келди. Бу ҳақда БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилотининг (ЮНИДО) янги ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, коронавирус тарқалиши сабабли келгуси ойларда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг пасайиши 2009 йилдан бери энг паст ўсиш даражасида бўлиши кутилмоқда. Шуни англаган ҳолда, Катта йигирмалик (G-20) ҳукуматлари коронавирус туфайли юзага келган ижтимоий ва иқтисодий инқироз таъсирини камайтириш учун оператив тарзда иқтисодиётни рағбатлантириш пакетларини қабул қилмоқда.

Шу муносабат билан, «Газета.uz» бир қатор ривожланган мамлакатлар ҳамда қўшни Қозоғистон ва Қирғизистоннинг коронавирус пандемияси таъсирини юмшатишга қаратилган иқтисодий рағбатлантириш дастурларининг қисқа таҳлилини тақдим этади.

Германия

Канцлер Ангела Меркель ҳукумати коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш учун 750 миллиард евродан (810 миллиард доллар) ортиқ миқдордаги рағбатлантирувчи чора-тадбирлар пакетини қабул қилди. Унга қўшимча равишда фавқулодда бюджетдан 156 миллиард евро олиниши мумкин. Маблағлар йирик ва кичик бизнесни, банк-молия тизимини қўллаб-қувватлашга, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилишга ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилади.


Фото: Bundesregierung/Kugler

Италия

Италия ҳукумати коронавирус эпидемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш мақсадида ўз тарихида биринчи марта 750 млрд евро ажратишга қарор қилди. Италиян ЯИМининг яримига тенг миқдордаги бу маблағлар, авваламбор, йирик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётни тиклашга йўналтирилади.


Фото: Италия ҳукуматининг матбуот хизмати

Франция

Франция коронавирус билан боғлиқ иқтисодий ҳалокатнинг олдини олиш учун мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри 45 млрд евро ва банк кредитлари орқали 300 млрд еврогача йўналтиришни режалаштирган. Маблағлар асосан йирик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий суғуртани ва ишсизлик нафақасини қоплаш ҳамда иқтисодиётга энг оғир таъсир кўрган ҳаво транспорти саноати ва туризм соҳаларига сафарбар этилади.

АҚШ

28 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп Америка тарихидаги энг йирик 2,2 триллион долларлик рағбатлантириш пакетини қабул қилди. Унга кўра, 850 млрд доллар йирик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, 300 млрд доллар аҳолига тўғридан тўғри тўлов ажратишга, 250 млрд доллар ишсизлик даражасини камайтиришга, 140 млрд доллар соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилади. Шунингдек, яна бошқа соҳаларга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлар ва енгилликлари белгилаб ўтилган.


Фото: twitter.com/realDonaldTrump

Буюк Британия

Коронавирусга жавобан, Буюк Британия ҳукумати ушбу инқироз даврида йирик ва кичик бизнесга ёрдам бериш учун бир қатор солиқ енгилликларини жорий этди. Умумий рағбатланиш пакетининг миқдори белгиланмаганига қарамасдан, Британия ҳукумати иқтисодиётни ушбу инқироздан чиқариш учун 50 млрд фунт стерлингга яқин тўғридан-тўғри молиявий ёрдам ажратди. Умуман олганда, расмий Лондон бизнесга солиқ имтиёзлари тақдим этиш, грантлар ажратиш ва кредит линиялар очиб бериш орқали вазиятни ўнгламоқчи.

Япония

Абе ҳукумати коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш учун қарийб 1 трлн долларга тенг рағбатлантириш дастурини амалга оширишга қарор қилди. Рағбатлантириш аҳолига тўғридан-тўғри тўлов ажратиш, корхоналар учун солиқ ва ижтимоий суғурта тўловларини кечиктириш, аҳолига ишсизлик ва ижтимоий ҳимоя нафақасини кўпайтириш ҳамда бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликларини ўз ичига олади.


Фото: twitter.com/JPN_PMO

Россия

Россия ҳукумати коронавирус билан боғлиқ иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш учун 300 миллиард рубль миқдоридаги инқирозга қарши фонд ташкил қилди. Маблағлар бош вазир М.Мишустин томонидан ишлаб чиқарилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ сафарбар этилади. Хусусан, режанинг биринчи бўлими аҳолини зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Иккинчи бўлими иқтисодиётнинг хавф остида бўлган соҳаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар — ҳаво транспорти, туризм, қурилиш, дам олиш, кўнгилочар ва бошқалар. Учинчи бўлими эса кичик ва ўрта корхоналарни маъмурий ва молиявий ёрдам орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда тўртинчи бўлим — бу Россия ҳудудлари миқёсида имтиёзлар, преференциялар бериш ва чегаралаш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ чиқимлардир.

Қозоғистон

15 март куни Қозоғистон президентининг фармони билан 15 апрелгача бутун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бизнесни қўллаб-қувватлаш ва меҳнат бозорида барқарорликни таъминлаш учун 7 асосий йўналишни ўз ичига оладиган шошилинч чоралар мажмуаси ишлаб чиқилди. Солиқ имтиёзлари ва маҳаллий даражада қўллаб-қувватлашни ҳисобга олмаганда, инқирозга қарши чораларнинг умумий ҳажми 4,4 трлн тенге ёки 10 миллиард долларни ташкил қилади.

Устувор йўналишлар маҳаллий тадбиркорлик субъектларига умумий 1 трлн тенгегача миқдордаги кредитлар ажратиш, кредитнинг юқори чегарасини 7 миллиард тенгега ошириш, айрим кичик ва ўрта корхоналарни (йирик савдо объектлари, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар, спорт иншоотлари) йил охиригача мулк солиғидан озод этиш, қарийб 7 минг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер солиғи тўлашдан озод қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида ишлайдиганларни даромад солиғидан озод қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, меҳнат бозорида барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамда умумий молиялаштирилиши 300 миллиард тенгега тенг бўлган «Бандлик бўйича янги йўл харитаси» ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 1 минимал иш ойлиги қиймати — 42500 тенге (100 доллар атрофида) ажратиш, давлат томонидан нархлар тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатини тасдиқлашдан иборат.


Фото: Козоғистон Президентининг матбуот хизмати

Қирғизистон

Қирғизистонда 25 мартдан 15 апрелга қадар мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилган. Коронавирус эпидемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш мақсадида мамлакат ҳукумати аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳукумат томонидан айрим солиқ имтиёзлари ва енгилликлар жорий этишга қарор қилди.

Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси Қирғизистонга коронавирус билан курашиш учун 120,9 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратишни маъқуллаган.


Фото: Қирғизистон ҳукуматининг матбуот хизмати

Маълумот учун, Ўзбекистонда президентининг фармони билан коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, давлат бюджетидан 10 трлн сўм ажратилади.