Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари одамда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар қилди.

Айни пайтда клиник синовлар давом этмоқда. Апрель ойи охирига қадар 50 мингта ана шундай тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, Илғор технологиялар марказида масофадан тана ҳароратини ўлчовчи термометр прототипи ҳамда ҳимояловчи 3D шлемларини ишлаб чиқиш устида ҳам жараёнлар давом этмоқда.

«Коронавирус инфекциясини ўрганиш бўйича вазирлик томонидан қатор илмий-инновацион лойиҳаларга танловлар эълон қилинди. Бу танловлар доирасида мавжуд дори-дармонларни тезкор усулларда лаборатория шароитида коронавирусга қарши текшириш ва бу текширишда ҳамкорликларни йўлга қўйиш биринчи қадамлар сифатида белгиланди. Шунингдек, коронавирус диагностика усулларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича олимларимиз томонидан диагностика гидлари яратилди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Иккинчидан, Ўзбекистонда мавжуд қатор дори-дармонларнинг вирусларга қарши таъсири халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ўрганилмоқда ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда», — деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Лавҳада қайд этилишича, Республика вирусология институтига тадқиқотлар натижаси бўлган тест тизимларининг навбатдаги партиясини жўнатиш учун ҳозирлик кўрилмоқда. Тест тизимини яратиш борасидаги ҳаракатлар Инновация вазирлиги ташаббуси билан бир ой муқаддам бошланган эди. Шу кунга қадар тизим дастлаб вазирлик мутахассислари, сўнгра Республика санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда синовдан ўтказилди. Ҳозирда бу жараёнлар Республика виросология институти ходимлари томонидан мустақил тарзда давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда янги турдаги оксигенация ниқоби, унга мослаштирилган вентури клапани ҳамда сунъий нафас олиш ускуналари учун бактериал-вирус фильтрлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Фирдавс Неъматзоданинг қайд этишича, оксигенация ниқоби нафақат коронавирус пандемияси, балки ингаляция, ўпкани тозалашда ҳам ҳар томонлама ёрдам беради.

ЎзАнинг хабар қилишича, маҳаллий ишлаб чиқилган бир дона вентури клапанининг ишлаб чиқилган прототипи нархи 10 минг сўм, оксигенация ниқобининг нархи 25 минг сўмни ташкил этади. Бугунги кунда оксигенация ниқоблари ва вентури клапанлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди ва унга бўлган талаб кундан кунга ортиб бормоқда.

Ҳозирда оксигенация ниқоби ва вентури клапанининг 3D моделлари тайёрланди. Яқин кунларда лойиҳанинг биринчи прототипи ишлаб чиқарилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган прототип стерилизация қилинади ва тажриба синовлари амалга оширилади. Тажриба синов натижаларига кўра, аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, оксигенация ниқоби ва вентури клапанининг кичик синов партияси ишлаб чиқилади.

Бир марталик бактериал-вирус фильтрлари эса сунъий нафас олиш ускунаси — ИВЛ қурилмасига уланиб, ўта оғир аҳволдаги беморлар учун 8 соат давомида ишлатилади. Ундан фақат бир марта фойдаланиш мумкин. Фильтрнинг вазифаси беморнинг ўпкасидан чиқаётган вирус ИВЛ қурилмасига кириб кетмаслигининг олдини олишдан иборат. Чунки бу қурилмадан бошқа беморлар ҳам фойдаланади.

Бактериал-вирус фильтрлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Унинг нархи хорижда 5−6 долларни ташкил этади. Ҳозирда Inspired Medical компаниясининг BSF201 фильтридан фойдаланган ҳолда 3D сканер орқали унинг 3D модели олинди ва 3D принтер орқали чиқарилди. BSF201 фильтрининг таркибини ўрганиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига юборилди ва натижалар ўрганилди. Бактериал-вирус фильтрларини маҳаллийлаштирилган нархи ўртача 25 минг сўмни ташкил этади.

Видео