Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатларнинг иқтисодий ўсиши бўйича ўз прогнозларини янгилади.

Унга кўра, 2020 йил Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиш сурати кескин пасайиб, 1,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий ўсиш суръатининг пасайишига ташқи савдо ҳажмининг кескин камайиши ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган ички бозордаги ҳолатнинг ёмонлашуви таъсир этади. 2019 йилда мамлакат ЯИМнинг ўсиш даражаси 5,6 фоизга тенг бўлган.

Бундан ташқари, давлат бюджети дефицити ЯИМга нисбатан 5,6 фоизга етади. Меҳнат муҳожирлари томонидан мамлакатга юбориладиган пул оқимлари ҳажми 50 фоиздан кўпроққа қисқариши мумкин. Натижада, тўлов балансидаги дефицит ЯИМнинг 8,5 фоизини ташкил этади. Озиқ-овқат нархларининг ошиши ва озиқ занжиридаги узилишлар сабабли йиллик инфляция даражаси 15,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Инвестициялар оқими 3,1 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. 2019 йилда бу кўрсаткич 33,8 фоизга тенг эди. Экспорт ҳажми 1,2 фоизга, импорт ҳажми 3,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2019 йилда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 10,9 фоиз ва 47,3 фоизни ташкил этган эди.

Жаҳон банки ҳисоботидан.

Коронавирус инқирози оқибатида бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича жараёнда қийинчиликлар пайдо бўлиши, ҳамда мамлакатда камбағаллик даражаси ошиши хавфи борлиги таъкидланган. Инқирозга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ва Ўзбекистон макроиқтисодиётининг ҳимоя воситалари салбий оқибатларни камайтиришда, айниқса камбағал аҳолига ёрдам беришда, муҳим ўрин эгаллайди.

Жаҳон банки мутахассисларининг фикрига кўра, олтин ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг пасаймаслиги Ўзбекистон иқтисодиётига ёрдам бериши мумкин. Лекин ушбу бозорларда ҳам нархлар ўзгариши эҳтимоли бор.

Жаҳон банки минтақадаги давлатлар бўйича прогнозларини ҳам ўзгартирган. Ҳисоботга кўра, ЯИМнинг йиллик ўсиш даражаси Қозоғистонда -0,8 фоизга, Қирғизистонда 0,4 фоизга, Тожикистонда 1 фоизга, Россияда эса -1 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.