Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 8 апрелдан 9 апрель кунига ўтар кечаси кучли қор ёғиши кўплаб дарахтларнинг синиши, электр тармоқларида узилишлар ва газ қувурларининг шикастланишига сабаб бўлган.

Олдинроқ «Газета.uz» кучли ёғингарчилик сабабли Ўзбекистон бўйлаб 63 минг хонадон электр таъминотисиз қолгани ҳақида маълумот берган эди. Тошкент ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси энг кўп зарар кўрган.

Тошкентда жами 44 та электр тармо0ғида узилиш кузатилди, 31 та ҳолат эрталаб соат 10:00 га қадар бартараф этилиб, ҳозирда 13 та электр тармоғида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Улар:

  • Олмазор тумани, Қорақамиш 2/3 ва 1/3 мавзеларида;
  • Юнусобод тумани, «Исломобод» ва «Ҳасанбой» маҳаллалари, 14-мавзе, Марказ-4 мавзеларида;
  • Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек маҳалласида;
  • Учтепа тумани «Кўксарой» маҳалласида;
  • Чилонзор тумани, «Бешқўрғон» маҳалласи ва Чилонзор кичик саноат ҳудудида;
  • Шайхонтоҳур тумани, «Самарқанд дарвоза», Сузук ота ва «Гулобод» маҳалларида.

Бундан ташқари, 20 та газ тармоғида узилиши бўлган. 7 та ҳолат эрталаб соат 10:00 га қадар бартараф этилиб, ҳозирда 13 та манзилда газ қувурларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Улар:

  • Чилонзор тумани 9-мавзедаги 61-уй, 3-мавзедаги 78-уй, 6-мавзедаги 52-уй, 5-мавзедаги 11-уй, 6-мавзедаги 67-уйларда;
  • Миробод тумани, Файзобод кўчаси 42-уйда;
  • Олмазор тумани, Чуқурсой кўчаси 2,17 ва 18-уйларда;
  • Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси 17-уйда;
  • Учтепа тумани, 11-мавзе 17-уй, Заргарлик корхонаси,
  • Яшнобод тумани, Авиасозлар 4-уй ва Бирлашган кўчаси 10-уйда.

Электр ва газ тармоғидаги узилишлар сабабли шаҳардаги 7 та локал қозонхона (Мирзо Улуғбек тумани — 5 та, Шайхонтоҳурда — 2 та) фаолияти тўхтатилган. Уларга уланган 148 та кўп қаватли уйга иссиқлик таъминотини етказишнинг вақтинча имконияти йўқлиги маълум қилинди.

Пойтахт ҳокимияти 9 апрель соат 18.00 га қадар аниқланган узилиш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилишини таъкидлаган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг маълум қилишича, 1154 қисқа рақамли Call Center хизмати жойлашган бинода интернет тармоғидаги носозликлар туфайли марказ иш фаолиятида узилиш юзага келган. Call Center фаолияти тез орада тикланиши айтилмоқда.