Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво шароитида кескин ёмонлашув рўй берди, бу ҳақда об-ҳаво мутахассислари олдиндан огоҳлантирган эди.

Ўзгидрометнинг хабар беришича, 7 апрель куни республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғди, 8 апрель куни ёмғир кучайган бўлса, 9 апрелда кеча ва кундузи мамлакатнинг аксарият қисмида ёмғир қорга айланди. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кузатилмади.

Баъзи жойларда республикада шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида эса 25 м/с гача кучайган.

Ҳаво ҳарорати 8 апрель куни кундузи +3… +8 даражагача, 9 апрелда кечаси эса 0… +3 даражагача, баъзи жойларда −2… −1 даражагача тушди.

Республиканинг марказий ва жанубий вилоятларида қор кўринишидаги ёғингарчиликдан кейин баландлиги 2−8 см, айрим жойларда 10−20 см гача бўлган беқарор қор қатлами шаклланди.Тошкентда 9 апрель куни қор баландлиги 15 см ни ташкил қилди.

Республикада кузатилган кучли ёғингарчилик, шамол ва ҳароратнинг кескин пасайиши Россиянинг Европа ҳудуди бўйлаб ҳосил бўлган совуқ ва нам ҳаво массасининг Волгабўйи орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши билан боғлиқ.

«Апрель ойидаги қор ёғиши ва қор қопламининг пайдо бўлиши бизнинг иқлимимиз учун жуда кам учрайдиган ҳодиса», дея қайд этишди синоптиклар. — Охирги марта бу 2014 йилда бўлган, аммо ўша вақтда қор камроқ ёққан, масалан, Тошкентда қор баландлиги атиги 2 см га етган".

Апрелда 4−5 йилда бир марта, айниқса унинг биринчи ярмида қисқа муддатга ёмғирнинг қорга айланиши кузатилади ва бунда қор қопламалари ҳосил бўлмайди.

«Бутун кузатувлар давомида Тошкентда энг кеч қор ёғиши ҳодисаси 1989 йилнинг 30 апрелида қайд этилган, — деди Ўзгидромет вакили. — Бу ҳақиқатдан ҳам жуда кам учрайдиган, ноёб ҳодиса, ўшанда апрель ойининг охири ва майнинг биринчи кунларида қиш қисқа муддатга Тошкентга қайтган эди. 30 апрелда қор ёғиши ва май ойининг дастлабки кунларида кузатилган совуқ турли хил қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган эди».

«Апрель ойидаги об-ҳаво, албатта, жуда ўзгарувчан, аммо жорий апрелда бундай жараённинг такрорланиши даргумон, — дейишди синоптиклар. — Яқин кунларда ҳарорат кескин кўтарила бошлайди ва келажакда ёмғир шаклидаги ёғингарчилик нисбатан илиқроқ бўлади».

Ёғингарчилик вақтидаги кучли шамол сабаби — ҳаво оқимлари йўлида ер юзасида атмосфера босимининг кескин ўзгариши билан боғлиқ. Антициклон ўтаётган вақтда ҳаво оқими босим юқори бўлган ҳудуддан босим паст бўлган ҳудудга йўналади.