Сенатор Берни Сандерс АҚШ президентлигига демократлар партиясидан номзодини суриш учун курашни тарк этди. Бу ҳақда The New York Times нашриёти хабар бермоқда.

Демократлар партиясидан президентликка номзодларни сайлаш жараёнида Барак Обама даврида вице-президент бўлган Жо Байден қолди. Март ойида Мичиган ва Флорида штатларида кам овоз олган Берни Сандерс Жо Байдендан умумий ҳисобда 300 овозга ортда бораётган эди.

Сўнгги вақтларда Берни Сандерс демократлар партияси вакиллари томонидан праймериз сайловларини тарк этиб, Жо Байденни қўллаб-қувватлашга чорланган эди.

Эндиликда Жо Байден ноябрь ойида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлигига сайловларда Дональд Трампнинг рақиби бўлиши кутилмоқда. Жо Байден ўз сайловолди кампанияси учун вице-президент номзодини ҳам қидиришни бошлаб юборган.