Йўл-патруль хизмати ва Миллий гвардия ҳамда санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан 7 апрель куни Тошкент йўлларида 758 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги фактлари қайд этилди, дея хабар қилди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати. 450 та автомобиль жарима майдончасига жойланди.

Хусусан, 468 та автомобиль шаҳар бўйлаб рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланган. Натижада стикерсиз ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг 271 та автоулови жарима майдонига жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрель кунги рейдларда қайд этилган 601 та йўл ҳаракати қоидабузарлигининг 395 тасида автомобилларнинг стикерсиз бошқарилган.

Қонунчиликка кўра, ушбу ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54- моддаси 2- қисмига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўра баённомалар расмийлаштирилади. Мазкур моддада БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 460 минг сўмдан 6 млн 690 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача (6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача) миқдорда жарима кўзда тутилган. Шунингдек, стикерсиз автомобиллар Ўзбекистонда карантин бекор қилингунга қадар жарима майдончасига жойланади.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда карантин энг охирги коронавирус бемори қайд этилганидан икки ҳафта ўтиб бекор қилинади.