Коронавирус инфекцияси аниқланган Тошкент вилоятида яшовчи 40 ёшли фуқаро ўпка ва юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш. 30-март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга барча зарур муолажалар кўрсатилган.

31- март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги соҳа мутахассислари ушбу жараёнда тавсиялар бериб борганлигини маълум қилди.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, 7 апрель оқшомида беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш. Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар олинган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан беморда юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхтаган.