Хориждаги фуқаролар орасида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари юз бермоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Хожиметов сешанба куни бўлиб ўтган брифингда.

«Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Австрия (1), Арманистон (1), АҚШ (10), БАА (1), Корея Республикаси (1), Покистон (5), Россия (1), Таиланд (1) ва Қозоғистон (2)да бўлиб турган 23 нафар фуқарода ушбу касаллик аниқланган. Улардан уч нафари вафот этган», — деди у.

Дипломатик ваколатхоналар ушбу фуқаролар ва уларнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ва зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

ТИВ хориждаги барча фуқаролардан коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, жамоавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни сўради.