Жаҳон банки Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ҳамда бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағларни оператив тарзда ажратиш масаласи фаол кўриб чиқилаётганини билдирди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 6 апрель куни Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — ташқи савдо ва инвестициялар вазири С. Умурзоқов Жаҳон банки Гуруҳи вице-президенти С. Мюллер билан видеоконференция алоқаси ўтказишди.

Жаҳон банки раҳбарияти Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ҳамда бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд доллар миқдорида маблағларни оператив тарзда ажратиш масаласи ҳам фаол кўриб чиқилаётганини билдирди.

Мазкур маблағлар жорий йилнинг март ойида тасдиқланган коммунал инфратузилмани модернизация қилиш лойиҳаларини ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини молиялаштириш учун мўлжалланган 700 млн доллар миқдоридаги кредит линияларига қўшимча бўлиши маълум қилинди.

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастурини қўллаб-қувватлаш учун Стратегик тайёргарлик ва жавоб дастури маблағларининг бир қисмини (Жаҳон банкининг глобал операцион молиялаштириш пакетининг умумий ҳажми 14 миллиард долларни ташкил этади) сафарбар этишини таъкидлади.

Маълумот учун, Жаҳон банки томонидан COVID-19 коронавирусига қарши кураш учун тезкор равишда тақдим этилаётган биринчи молиялаштириш дастури доирасида дунёнинг турли минтақаларидаги 25 та давлатга қарийб 2 миллиард доллар миқдорида ёрдам берилиши маъқулланган. Улар қаторида Афғонистонга 100 млн доллар, Тожикистонга 11,3 млн доллар ва Қирғизистонга 12,15 млн доллар ажратилди.