2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади. Президентнинг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Қарорда ушбу техникумларнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этиш, ўқув режа ва фан дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, жумладан, валеология, тиббий психология, диетология, кинезиология, реабилитология фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш белгиланди.

Шунингдек, ҳужжатга кўра тиббиёт олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда мазкур техникумларда масофавий таълим дарс машғулотларини ўтказиш каби вазифалар ижросига эътибор қаратилади.

Мазкур техникумларни муваффақиятли битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, суҳбат орқали бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.