Юнусобод туман маъмурий судида Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз ҳолда Амир Темур шахсига нисбатан ҳурматсизлик қилиб, ўз хатти-ҳаракатларини видеога олган ва уни интернет тармоқларида эълон қилган бир қиз ва икки йигитга нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг хабар қилишича, К. Мажидова (1998 йилда туғилган), У. Ҳамидов (1993) ва О. Разыков (1990) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган.

Аниқланишича, юқоридаги фуқаролар 1 апрель куни соат тахминан 18:00 ларда Тошкентнинг Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги Амир Темур ҳиёбонида мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш қоидаларни бузишган.

«Шунингдек, улар Амир Темур ҳайкали меъморий ёдгорлиги олдида коронавирус эпидемияси Ўзбекистондан қачон кетиши ҳақида сўраб, Амир Темур шахсига ҳурматсизлик қилган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатларини видеотасвирга тушириб, олинган видеолавҳани 6 апрель куни ижтимоий тармоққа жойлаштиришган», — дейилади хабарда.

Суд К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разыковнинг айби, улар берган кўрсатмаларидан ташқари билдирги, иш бўйича олинган тушунтириш хатлари, маъмурий баённомалар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган, деб ҳисоблади.

Юнусобод туман маъмурий судининг 7 апрелдаги қарорига кўра, К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разыков МЖТКнинг 54, 183- моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига МЖТКнинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, қоидабузарлар учун БҲМнинг 5 баравари, яъни 1 млн 115 минг сўмдан жарима жазоси ҳам тайинланди.

Видео