Келгусида ўқув йилидан бошлаб чет тили (инглиз, немис, француз тиллари)ни билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари стипендиясига қўшимча устама тўланади. Бу Ўзбекистон президентининг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида акс этган.

Мазкур устама ёш кадрларнинг хорижий адабиётлардан кенг фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланади. Бироқ, қарорга кўра, мутахассислик фанларни 3 баҳога ўзлаштирадиган талабалар бундай имкониятдан маҳрум этилади.

Шу билан биргаликда, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Буюк Британия консалтинг компания — Quacquarelli Symonds, Буюк Британия нашриёти — Times Нigher Education, Цзяотун Шанхай университети — Academic Ranking of World Universities) рейтингида тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган: давлат тиббиёт муассасалари ходимлари лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама; фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган мутахассисларга давлат тиббиёт муассасаларида лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.