Марказий банк ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартибини белгилаб берувчи низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Низом лойиҳасига кўра, Марказий банк ва тижорат банклари Солиқ қўмитасига юридик шахслар, ЯТТ ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари керак бўлади.

Ушбу низом лойиҳаси қабул қилинса, тижорат банклари бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквилентида бўлган тақдирда) ва трансакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари (бир жисмоний шахснинг банк картасидан иккинчи жисмоний шахс банк картасига пул ўтказилиши) тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида миллий ҳамда чет эл валютасида тақдим этиши керак бўлади.

Солиқ қўмитаси ҳисобварақлар бўйича ўтказилган пул маблағлари айланмалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида Business Intellegence (замонавий бизнес таҳлиллар тизими) ёрдамида солиқ тўламаслик хавфи даражасига кўра солиқ тўловчиларни сегментлайди. Таҳлил натижалари тегишли солиқ идораларига берилади.

Олинган маълумотлар махфий сақланади. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишлари белгиланади.

Лойиҳа муҳокамаси 21 апрелгача давом этади.