Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар 29 953 тага етди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур турдаги қоидабузарлик энг кўп Тошкент шаҳрида — 4929 та ҳолат аниқланган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (3675 та ҳолат), Тошкент вилояти (3450), Самарқанд вилояти (2936), Қашқадарё вилояти (2584), Наманган вилояти (2011), Сирдарё вилояти (1860), Андижон вилояти (1677), Жиззах вилояти (1582), Сурхондарё вилояти (1476), Хоразм вилояти (1239), Бухоро вилояти (1226), Қорақалпоғистон Республикаси (978) ва Навоий вилояти (330) бормоқда.

28438 та ҳолатда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юриш аниқланган бўлса, 360 та ҳолатда карантин жойи ташлаб кетилган. Шунингдек, ИИВ 954 та ҳолатнинг бошқа сабаблар билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Шу билан биргаликда, республика миқёсида карантин ва эпидемияга қарши кураш қоидаларин бузиш билан боғлиқ жами 11 та жиноий иш қўзғатилган. Уларнинг 6 таси санитария ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши (Жиноят кодексининг 257−1- моддаси), 2 таси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш (244−5-модда) ҳамда 3 таси ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш (228-модда) билан боғлиқ.