6 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби Антонио Гутерриш ўзининг Твиттердаги видео-мурожаатида дунёдаги барча ҳукуматларни пандемияга қарши кураш вақтида аёлларнинг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишга чақирди.

Бош котибнинг баёнотига кўра, коронавирус эпидемияси сабабли кўплаб давлатларда карантин тадбирлари жорий этилганидан кейин дунё бўйлаб хотин-қизларга нисбатан оиладаги зўравонлик авжига чиқмоқда.

«Биз биламизки, уйда изоляцияда бўлиш ва карантин коронавирусни енгиб ўтиш учун зарурдир. Аммо бунинг оқибатида аёллар зўравонликка мойил оила аъзоларининг тузоғига тушишлари мумкин. Сўнгги ҳафталарда иқтисодий ва ижтимоий тазйиқлар ва қўрқув кучайиб борар экан, биз глобал миқёсда даҳшатли оилавий зўравонликнинг гувоҳи бўлмоқдамиз» деди БМТ раҳбари.

Гутерришнинг маълум қилишича, баъзи мамлакатларда ёрдам хизматига мурожаат қилган аёллар сони икки баравар кўпайган.

Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби барча ҳукуматларни аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун ўзларининг коронавирусга қарши курашиш миллий режаларига ушбу масалани ҳам киритишга чақирди. Керакли чоралар сифатида у нотижорат ташкилотлари ва онлайн қўллаб-қувватлаш хизматларига ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни, айбдорлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашни, дорихоналар ва озиқ-овқат дўконларида фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабар бериш тизимини ўрнатиш ва ҳаётни қўллаб-қувватлайдиган иншоотларга бошпаналарни жойлаштиришни таклиф қилди. Шунингдек, «аёлларга зўравонлик қилаётганларнинг эътиборини жалб қилмасдан ёрдам берадиган хавфсиз усулларни тақдим қилиш керак», дея қўшимча қилди Гутерриш.

Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби барча ҳукуматларни «аёлларнинг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишларини ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ҳамда бундай зўравонлик натижасида уларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қарорларни ўзларининг коронавирусга қарши курашиш миллий режаларига» киритишга чақирди.