3 апрель куни соат тахминан 00:50 ларда Сирдарё тумани «Синдаробод» маҳалласи ҳудудида жойлашган блок постга фуқаро У.Н. ўзига тегишли «Нексия» русумли автомашинада ниқобсиз келган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, фуқаро жамоат жойида бақир-чақир қилиб, хизмат вазифасини бажараётган Сирдарё тумани ИИБ ходимларини сўккан, майда безорилик содир этиб, туман ИИБ ходимларининг уни тинчлантириш борасидаги қонуний талабларини бажармаган.

Фуқаро У.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, 183-моддаси, 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Маъмурий ишлар бўйича Сирдарё тумани судига юборилган.

Маъмурий ишлар бўйича Сирдарё тумани судининг 3 апрелдаги қарорига асосан, фуқаро У.Т.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қамоқда ўтирган кунлари учун ундан 501 750 сўм қамоқ ҳаражатлари ундирилиши белгиланган.