Хитойда коронавирус сабабли январь ойида эълон қилинган мажбурий «ўзини яккалаш» тартиби оқибатида оилаларда ажрашишлар сони кескин ошиб кетди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берган эди.

Қайд этилишича, карантин сабабли уйда кўпроқ бирга вақт ўтказган эр-хотинлар ўртасида келишмовчиликлар кўпайган.

Financial Times нашриётининг тадқиқотига кўра, ўнлаб шаҳарларда март ойидан ажрашиш учун аризалар сони кескин ошган. Баъзи аризалар фуқаролик ҳолатларини қайд этиш идоралари карантин вақтида ёпилгани учун тўпланиб қолган бўлиши мумкин, лекин маҳаллий ҳокимият вакиллари аризаларнинг кўп қисми айнан карантин сабабли юзага чиққан келишмовчиликлар оқибатида топширилганини айтишмоқда.

Юннань, Шаанхи ва Нингхиа провинцияларида ажрашиш бўйича аризаларнинг 60 фоиздан кўпроғида асосий сабаб сифатида карантин вақтида вирусга қарши курашдаги стресс ҳолати кўрсатилган.

Карантин давомида оиладаги зўравонлик ҳолатлари ҳам кўпайгани кузатилмоқда. Коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубей провинцияси полицияси маълумотларига кўра, уйдаги зўравонлик ҳолатлари бўйича аризалар ўтган йилгига нисбатан икки мартага ўсган.

Хитойда сўнгги ўн йил ичида ажрашишлар сони ортиб бораётган эди. 2003 йилда 1,3 млндан ортиқ жуфтликлар ажрашган бўлса, 2018 йилда ажрашишлар сони 4,5 млнгача етган. 2019 йилда 4 млн ажрашишлар қайд этилган.

Тадқиқотларга кўра, 2002−03 йиллардаги SARS вируси эпидемияси вақтида ҳам стресс ҳолатлари кучли бўлган. Натижада 2004 йилда Гонконг шаҳрида ажрашишлар ҳолатлари 2002 йилга нисбатан 21 фоизга кўпайган.