5 апрель куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус инфекциясининг аломатларидан азият чекгандан сўнг, қўшимча текширувлар мақсадида касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматининг матбуот хизмати хабар берди.

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги бош вазири 27 март куни коронавирусга қарши тест натижалари ижобий бўлиб чиққандан сўнг Борис Жонсон Даунинг Стритдаги қароргоҳида «ўзини яккалаш» тартибида (самоизоляция) ҳукуматни бошқариб келган. Унда 10 кундан буён коронавирус инфекцияси аломати ҳисобланган юқори ҳарорат сақланиб қолгани учун унинг шифокори «эҳтиёт чораси» сифатида касалхонага ётқизиш қарорига келган.

«Докторнинг тавсияси билан бош вазир бугун кечқурун тест учун касалхонага ётқизилди. Бу эҳтиёт чораси, чунки бош вазирда вирусга қарши тест натижалари ижобий бўлиб чиққандан кейин ўн кун ўтгач, у коронавируснинг доимий аломатларига эга», дейилади расмий баёнотда. Жонсон касалхонада бир кеча қолиши кутилмоқда.

Даунинг Стрит, бу фавқулодда ҳолат эмаслигини ва Жонсон ҳукуматни бошқаришда давом этаётганини таъкидлади. 6 март куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳукуматнинг фавқулодда COVID-19 коронавирус инфекцияга бағишланган йиғилишига раислик қилади, дея хабар беради манба.

Маълумот учун, ҳозирги пайтда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигида COVID-19 коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 48,5 мингга яқин ҳолат қайд этилган. Улардан қарийб 5 минг нафари вафот этган ва 229 нафари эса соғайган.