Жаҳон банки Афғонистонга COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 100,4 миллион долларлик грантни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Хабарга кўра, жамғарма Жаҳон банкининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимларига тайёргарлиги лойиҳаси асосида Афғонистонга коронавирус таҳдидига қарши самарали чоралар кўриши ҳамда ҳукуматнинг аҳоли саломатлигига тайёргарлигини кучайтиришга ёрдам бериш мақсадида ажратилган.

Мазкур ёрдам пакети Афғонистоннинг барча 34 вилоятини қамраб олади ва зарур тиббий ёрдам хизматлари мамлакат бўйлаб тарқатилади. Молиялаштириш биринчи навбатда коронавирус инфекцияси билан касалланган одамларни, хавф остида бўлган аҳолини, тиббиёт ва миллий соғлиқни сақлаш агентликлари ходимларини, шунингдек, фавқулодда ҳозир бўлган хизмат кўрсатувчиларни қўллаб-қувватлайди, дейилади хабарда.

Лойиҳа Халқаро Тараққиёт Уюшмаси (IDA), Жаҳон банки гуруҳининг қашшоқ давлатлар учун 100,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гранти ҳисобидан молиялаштирилади, шундан 19,4 млн доллари Жаҳон банкининг COVID-19 тезкор молиялаштириш фондидан тақдим этилади.

«Жаҳон банки Афғонистон ҳукумати ва халқи билан COVID-19 коронавирусининг мамлакатда тарқалишига қарши курашишда қатъиятлидир», деди Жаҳон банкининг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Генри Керали.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги пайтга қадар Афғонистонда 273 та коронавирус ҳолати қайд этилган бўлиб, 6 нафар бемор вафот этган ва 10 киши тузалган.

Маълумот учун, Жаҳон банки томонидан COVID-19 коронавирусига қарши кураш учун тезкор равишда тақдим этилаётган биринчи молиялаштириш дастури доирасида дунёнинг турли минтақаларидаги 25 та давлатга қарийб 2 миллиард доллар миқдорида ёрдам берилиши маъқулланган. Ушбу мамлакатларга Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги икки мамлакат ҳам киради: Тожикистон ва Қирғизистонга мос равишда 11,3 ва 12,15 миллион доллар ажратилади.