27 март куни Ўзбекистон делегацияси АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари билан видеоконференция ўтказди. Унда Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус инфекциясининг иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш, ЖСТга аъзо бўлиш ҳамда иқтисодий шаффофлик ва мамлакатда коррупцияни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлари муҳокама қилинди, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Видеоконференцияда ўзбек томонидан бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, шунингдек, ИТСВ, ТИВ ҳамда бошқа алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарияти, Америка томонидан эса Савдо вазирлиги, Савдо вакиллари идораси (USTR), Давлат департаменти, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ва унинг Valmont, Procter&Gamble, CNH Industrial, ExxonMobil, Coca-Cola, General Motors каби аъзолари вакиллари иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши доирасидаги ўзаро алоқалар ҳамда мамлакатга аъзо-давлатлар билан музокаралар ўтказишга преференциялар олиш учун ривожланаётган иқтисодиёт мақомини бериш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистоннинг «Жексон-Веник» тузатишлари таъсири доирасидан чиқаришни ҳам кўриб чиқди.

Жексон-Веник тузатиши — 1974 йилда АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган тузатишлар бўлиб, улар эмиграцияга (кўчиш) тўсиқ қўювчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатлар билан савдони чегаралашни кўзда тутади.

Алоҳида муҳокамалар чоғида Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалари муҳокама қилиниб, Америка компаниялари давлат-хусусий шерикчилик шартларида уларда иштирок этишга қизиқиш билдирди.