2 апрель куни НАТОга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари навбатдаги йиғилишда Шимолий Македонияни НАТОнинг ўттизинчи аъзоси сифатида қутлаб олишди. Бу ҳақда НАТОнинг расмий сайтида эълон қилинди.

«Биз Шимолий Македонияни НАТОнинг ўттизинчи иттифоқчиси сифатида кутиб оламиз. Коронавирус пандемияси туфайли ушбу мисли кўрилмаган синовга дуч келар эканмиз, бизнинг 30 мамлакатимиз билан бирга ҳамжиҳатликда ва трансатлантик бирдамликда турайлик», — деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Баёнотдаги эълонга кўра, ушбу йиғилишда Шимолий Македониянинг ташқи ишлар вазири тўлиқ аъзо сифатида видеоконференция орқали иштирок этди.

Шимолий Македония 30 март куни Бельгиядаги НАТО штаб-квартирасида ўз байроғини кўтарган эди.

Маълумот учун, собиқ югослав республикаси Греция билан узоқ йиллар давом этган тортишувлардан кейин Македония номини Шимолий Македония деб ўзгартирган эди. Шундан сўнг 2019 йили НАТО аъзо давлатлари Шимолий Македония билан ушбу ҳарбий иттифоқнинг 30-аъзоси бўлиш ҳуқуқини берувчи битимни имзоладилар.