Март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақалар 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилади. Бу ҳақда президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида сўз боради.

Ҳужжатда белгиланганидек, бундай оилалардан бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилинмайди. Нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилади.

Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириш топширилди. Ушбу тартиблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларни камайтириш;
  • давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш ва бошқалар.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш, шунингдек, ижтимоий ёрдамга ўта муҳтож бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун тегишли кўмакларни жалб қилиш бўйича тезкорлик билан чоралар кўриш топширилди.