Ўзбекистонда карантин даврида 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга нафақалар тайинланади (ҳозирда 600 мингта), дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида.

Бундан ташқари, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Давлат раҳбари карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Мисол сифатида мамлакатда 28 мингдан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатаётгани, уларга ўтган йили 50 миллион доллар маблағ ажратилгани ҳамда 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирдларни тайёрлагани маълум қилинди.

«Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Яратилаётган бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имкониятдир. Ҳурматли ҳунармандлар! Сизларнинг меҳнатингиз, янги-янги ташаббусларингиз ҳозирги вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга, албатта, муносиб ҳисса қўшади», — деди давлат раҳбари.

Президент тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар, корхоналар раҳбарлари берилган бу имтиёзлардан самарали фойдаланишлари кераклиги, энг асосийси, жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг навбатдаги фармонига биноан, март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.