COVID-19 коронавирус пандемияси ва табиий газ ва мисга бўлган нархларни пасайиши туфайли 2020 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши секинлашади, саноат ва қишлоқ хўжалиги ўсиши билан бирга инвестицияларнинг кўпайиши 2021 йилда иқтисодий тикланишга ҳисса қўшиши кутилмоқда, дея «Газета.uz»га Осиё Тараққиёт Банкининг (ОТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

ОТБ 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 4,7% (2019 йилда — 5,6%) бўлишини прогноз қилди. 2021 йилда эса ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар соҳаларида кескин ўсиш юз бериб, бу ўз навбатида ЯИМ ўсиш даражасининг яна 5.8%га кўтарилишига олиб келади.


Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш прогнози

«Биз пандемия таъсирнинг тўлиқ кўламини ҳали билмаймиз, бироқ Ўзбекистон Ҳукумати ўзининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга ва иқтисодиётнинг тикланиши учун зарур бўлган вақтни қисқартиришга қаратилган муҳим чораларни кўрмоқда», деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Синди Малвичини хоним.

ОТБнинг маълум қилишича, 2020 ва 2021 йилларда инвестициялар асосий ўсиш омили бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда ва бу шаҳар инфратузилмасини ва ишлаб чиқариш объектларини ривожлантиришга қаратилган давлат бошчилигидаги инвестицияларнинг такомиллашиши натижаси бўлади. Россияда валюта қадрсизланишининг пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, иш ҳаққининг вақти-вақти билан ошиб бориши ва инфляциянинг пасайиши хусусий истеъмолга ижобий таъсир қилиши кутилмоқда.

Баёнотда айтилишича, Марказий банк аста-секин инфляцияни таргетлаши натижасида инфляция 2020 йилда 13 фоизга ва 2021 йилда 10 фоизга пасайиши прогноз қилинмоқда. Кутилишича, фискал сиёсатнинг қатъийлашиши ва сиёсатга асосланган кредит ислоҳотларининг олиб борилиши кредитлар ўсишини икки баробар пасайтиради. Бироқ, электр энергияси ва табиий газ нархларининг режа асосида кўтарилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигида нархларнинг тартибга солинишининг бекор қилиниши инфляцион босимларнинг ҳосил бўлишига ўз ҳиссасини қўшади.

Жорий ҳисобварақ камомади бу йил 4,0 фоизгача ва 2021 йилда 3,5 фоизгача янада камайиши кутилмоқда. Табиий газ ва мис экспорти 2020 йилда пасайиши кутилар экан, буларнинг ўрни олтин экспорти билан қопланади. Қишлоқ хўжалигида олиб бориладиган таркибий ислоҳотлар, хизматлар ва саноат учун инфратузилманинг яхшиланиши ва табиий газга бўлган ташқи талабнинг ошиши натижасида 2021 йилда экспорт кенгайиши лозим.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш сари кенг қамровли ислоҳотлар олиб бораётганлиги сабабли инфляцияни пасайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириши зарур. ОТБ кредит бозорини янада кучайтиришни ва электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар нархларининг ўзгариши кам таъминланганларга салбий таъсир қилмаслиги учун мақсадли компенсациялар қўллашни таклиф қилган.

ОТБ инфляциянинг олдини олиш учун ҳукуматга транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий секторнинг иштирокини рағбатлантириш орқали рақобатни ривожлантириш ва импорт маҳсулотлари нархларнинг ошишига йўл қўймаслик учун божхона расмийлаштириш жараёнларини такомиллаштиришни катъий тавсия қилди.