Мактаб битирувчилари учун якуний имтиҳонлар ва олий таълим муассасасига кириш синовлари бирлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган президент қарори лойиҳасида айтилган.

Қарор лойиҳасига кўра, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб якуний давлат аттестацияси учун мажбурий фанлар ва мактаб битирувчиси танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан бўйича ягона тест синовларини ўтказиш режалаштирилган. Тест синовлари апрель — май ойларида ўтказилади.

Мактаб битирувчилари мажбурий учта фан ва ўзи танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан тест синовларини ихтиёрий равишда топширишлари мумкин бўлади.

Тест синовларининг натижалари ўтказилган куннинг эртасига ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Ушбу натижалар мактаб битирувчилари учун ўтказиладиган якуний давлат аттестациясида ва олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш танловида инобатга олиниши кутилмоқда.

Тест синовларида мактаб битирувчиси танлаган бакалавриат ўқишига мос фанлардан қониқарли натижа кўрсатса, у қўшимча тест синовларисиз тест синови топширган мос ўқув тили ва таълим йўналиши бўйича танловда қатнашади.

Агар мактаб битирувчиси танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фаннинг камида биридан тест синовини қониқарсиз бажарса, у мактаб томонидан ўтказиладиган якуний давлат аттестациясида иштирок этишга мажбур бўлади.

Тест синовларида иштирок этмаган ёки унда қониқарсиз баҳоланганлар барча абитуриентлар қатори июль-август ойларида тест синовларида қатнашишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синови топшириладиган фанлар, баҳолаш мезонлари, топшириқлар сони, тест синовлари ва танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишнинг аниқ муддатлари белгиланади.

Тест синовидан ўтишнинг минимал кўрсаткичи (қониқарлилик даражаси) Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади. Вазирлик ҳар ўқув йили мактаб битирувчилари ҳақидаги тегишли маълумотларни 1 февралга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритиб боради.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 16 апрелгача давом этади.