Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалиб, 2 апрель куни шифохонадан чиқарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Уларнинг 12 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиқишди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа расмий шахслар уларни Республика ихтисослаштирилган Терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатиб қўйишди.

Коронавирус инфекцияси хасталигидан тузалган фуқароларнинг 1 нафари 13 март куни Истанбул — Тошкент йўналишидаги рейсда, яна 1 нафари эса шу йил 18 март куни Москва — Тошкент йўналишидаги рейс билан Ўзбекистонга келган. Қолган 11 нафар киши эса коронивирус инфекциясига чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлишган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар коронавирус инфекциясидан тўлиқ тузалган беморлар сони 25 кишига етди.